| Bosh | Fotogalereya | Yordam | ИНТЕРАКТИВНЫЕ УСЛУГИ |           O'zb     Рус     Eng 
  Hududiy qo'mitalar
Tashkilot va bo'linmalar
   

Tabiatni asrang - bu umumiy uyimiz!







ECOTOP рейтинг экологических сайтов





Rambler's Top100
“ТУРЛАРНИНГ КЎПЛИГИ – ЯГОНА САЙЁРА – ЯГОНА КЕЛАЖАК”

Умумжаҳон атроф-муҳит кунини нишонлаш тўғрисида 1972 йилда Стокгольм шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг атроф-муҳитга бағишланган Конференциясида қарор қабул қилинган эди.  Ушбу қарорнинг мақсади - халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини атроф-муҳит муҳофазаси муаммоларига ҳамда глобал экологик инқирознинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилишга қаратилган.

Дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам бу куни жамоат ташкилотлари вакиллари, машҳур фан, маданият, санъат арбоблари, ёшлар иштирокида катта байрам тадбирлари ташкил этилиши анъанага айланган. Мазкур тадбирлар аҳоли кенг қатламини она табиатга меҳр-муҳаббат, уни борлигича сақлаб қолишга ўз хиссасини қўшишга ундаш орқали экологик маданиятини ўстиришга ҳамда дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси “Баркамол авлод йили” Давлат дастуринининг ижроси юзасидан ҳамда улғайиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида, жорий йилнинг 5 июнь куни - Умумжаҳон атроф-муҳит  кунига бағишланган байрам тадбирини ташкил этаяпти. Тадбир дастурида интерактив шаклдаги мусиқавий ҳамда интеллектуал танловлар, экология мавзусига оид фильмлар тақдимоти, танлов ғолибларини тақдирлаш ҳамда ўзбек эстрадасининг ёрқин юлдузлари ижросидаги байрам концертлари ўтказилиши режалаштирилган..
Жорий йилда 5-июнь Умумжаҳон атроф-муҳит куни “ТУРЛАРНИНГ КЎПЛИГИ – ЯГОНА САЙЁРА – ЯГОНА КЕЛАЖАК” мавзусида ўтказилмоқда.
Маълумки, БМТ Бош Ассемблеяси томонидан 2010 йил – “Халқаро биохилма-хиллик йили” деб эълон қилинди. Ушбу йилнинг устувор вазифаларидан бири - аҳоли ўртасида биохилма-хилликни сақлаб қолиш замон талаби эканлиги, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасида самарали ва сифатли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорликда фаолият кўрсатиш ҳисобланади.
Умумжаҳон биохилма-хиллик йили – Ер юзидаги ҳаётнинг асосий манбаи бўлмиш - биологик хилма-хилликни софлигича сақлаб қолишда, уни қайта тиклаш ва кўпайтириш борасида аҳоли, айниқса, улғайиб келаётган ёш авлодни огоҳликка даъват этишда зўр имкониятдир.
Биохилма-хилликни сақлаб қолишда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг аҳамияти каттадир. Ўзбекистон Республикаси ўзининг барқарор тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ривожланишида биологик ресурсларнинг аҳамиятини эътироф этган ҳолда Халқаро Биологик хилма-хилликни сақлаш Конвенциясига аъзо бўлган.
Ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлаш Миллий стратегияси ва Ҳаракатлар режасининг тасдиқланиши биохилма-хилликни сақлаб қолиш йўлидаги улкан ишлардан бири бўлди. Бу стратегиянинг асосий вазифаларидан бири - мамлакат умумий майдонининг 10 фоизга яқин қисмини қамраб оладиган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барқарор тизимини ташкил қилишдан иборатдир.
2004 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди ва у ҳозирда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Қонун “Биологик хилма-хилликни сақлаш тўғрисида”ги, “Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Халқаро аҳамиятга эга бўлган, асосан сувда сузувчи қушлар яшаш жойлари ҳисобланган сув-ботқоқ ҳудудлар тўғрисида”ги Халқаро Конвенциялар юзасидан олинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлашга қаратилган.
Республикада замонавий ахборот тизимларини қўллаган ҳолда табиий ресурслар давлат кадастрини юритиш ишлари давом эттирилмоқда. Мисол учун, ўтган 2009 йилда Бухоро вилоятининг Тўдакўл, Хадича, Зикри сув ҳавзаларидаги қушларни ҳисобга олиш ишлари бажарилди ва натижада қишлайдиган қушлар сонининг кескин камайганлиги қайд этилди; Тошкент вилоятида камёб ва овбоп қушлар турлари бўйича кадастр тадқиқотлари ўтказилди; Хисор қўриқхонаси атрофида умуртқали ҳайвонларни, “Далварзин” овчилик хўжалигида қирғовулларни ҳисобга олиш ишлари амалга оширилди, натижада қирғовуллар сонининг анча кўпайгани маълум бўлди. Сирдарё вилоятидаги “Сайхун” хўжалигида ҳайвонларнинг овбоп турларини ҳисобга олиш ишлари натижасида: сирдарё қирғовули – 610-630 бош; катта томоқ – 450-500 бош; тўнғиз – 8-10 бош; толай қуёни 40-45 бош; тулки – 10-15 бош эканлиги; бўрсиқ - уч-тўрт оилалиги аниқланди; Фарғона водийси табиий ўсимликлари ва ер усти умуртқалилар фаунасини инвентаризациядан ўтказиш ишлари бажарилди; глобал миқёсда йўқолиб кетиш хавфидаги қуш тури – стерхнинг Ўзбекистон ҳудудидан учиб ўтиш йўлини аниқлаш бўйича иккинчи халқаро экспедиция ўтказилди.
“Жайрон” экомарказида бухоро қўйини кўпайтириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда экомарказда бир бош бурама шоҳли эчки, 10 бош бухоро қўйи сақланмоқда, ўтган йили 3 бош қўзи дунёга келди. “Жайрон” экомаркази ҳудудини кенгайтириш учун Бухоро вилоят ҳокимининг қарори билан қўшимча 9369 га ер майдони ажратилди ҳамда қўшимча 4500 га ер майдонини бериш бўйича фермер хўжаликлари билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. “Жайрон” экомарказини янада жиҳозлаш учун Шўртангазкимё комплекси томонидан 100 млн.сўм ва табиатни муҳофаза қилиш маблағлари ҳисобидан 6 млн.сўм ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик, қўмиталар билан ҳамкорликда сайғоқнинг муҳофазаси, уни кўпайтириш ва фойдаланиш бўйича иккитомонлама келишув имзолаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалани муҳокама этди. Жорий йилнинг 17 март куни Қозоғистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрига ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳамда Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида “Сайғоқнинг муҳофазаси, уни кўпайтириш ва фойдаланиш бўйича” Келишув имзоланди. Мазкур Келишув иккала мамлакатда ҳам сайғоқнинг муҳофазаси бўйича самарали ҳаракат қилиш имконини беради.
Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси миллий ижрочи агентлик бўлган халқаро табиатни муҳофаза қилиш лойиҳаларини рўёбга чиқарилиши давом эттирилмоқда: бунга “Қорақалпоғистон ҳудудидаги Амударё дельтасида тўқай ўрмонлари ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимларини сақлаб қолиш” лойиҳаси, БМТТД/ГЕФнинг “Рио Конвенцияларини бажарилиши бўйича мақсадли институционал кучайтириш ва маҳоратни ривожлантириш орқали миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш”, “Ўзбекистоннинг нефть ва газ секторига биохилма-хиллик тамойилларини интеграллаштириш” каби ўрта масштабли лойиҳалари бажарилмоқда.
Умуман, Ўзбекистонда барқарор ривожланишни таъминлаш борасида биохилма-хилликни сақлаш ва муҳофаза қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилади.
 
Ўзбекистон РеспубликасиТабиатни
муҳофаза қилиш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати
Тел.: (+99871) 239-14-15
(+99871) 239-15-19

chop etilgan sana: 04-06-2010 15:20
manba:



   yangiliklar bo'limiga o'tish



Web - mail

United Nations Development Programme

United Nations Environment Programme

Global Environment Facility

The World Bank Group

The Organization for Security and Co-operation in Europe

Europa House







    Copyright © 2010, O'zbekiston Respublikasi Tabiatni muhofaza qilish davlat qo'mitasi web-portali Ishlab chiqarish studiyasi MD.UZ